ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Ўзбекистон шахсий интернет фойдаланувчилари сони бўйича Марказий Осиёда Қозоғистондан кейин иккинчи ўринда туради, деб хабар беради "Новости Узбекистана" БМТнинг рақамли технологиялар ва кенг полосали алоқа масалалари бўйича комиссияси ҳисоботига таяниб.
Ҳисобот БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркда бўлиб ўтган 67-сессияси муносабати билан тайёрланди.
Ҳужжатда 191та давлатда интернетдан фойдаланиш ва кенг полосали алоқанинг тарқалиши борасидаги маълумотлар келтирилган. Ҳисоботни тузишда муаллифлар кенг полосали интернет кўрсаткичи (ҳар 100 аҳолига), мобил интернетнинг тарқалиши, интернетга уланган оилалар сони каби кўрсаткичларни ҳисобга олишган.
Шахсий интернет фойдаланувчилари сони бўйича (бутун аҳолига нисбатан фоиз ҳисобида) 2015 йилда Исландия етакчи бўлди – унинг 98,2% аҳолиси интернетдан фойдаланиш имконига эга.
Юқори ўнликдан шунингдек Люксембург, Андорра, Норвегия, Лихтенштейн, Дания, Баҳрайн, Монако, Япония ва Нидерландия жой олди.
Ўзбекистон умумий рейтингда 106-ўринни эгаллади (42,8%). Марказий Осиё мамлакатлари орасида эса Қозоғистондан (45-ўрин) кейин иккинчи ўринни эгаллади. Рейтингда Қирғизистон 120-, Тожикистон — 149- ва Туркманистон 160-ўринда қайд этилди.