ТОШКЕНТ, 26 сен – Sputnik. Россиядаги жамиятнинг маълум бир қисми исломофобия (ислом динидан қўрқиш) ҳолатлари пайдо бўлиши кучайгани сабабли мамлакат шаҳарларида йирик мусулмон жамоаларини кўришни истамаяпти, деди Россия муфтийлар кенгаши раҳбари шайх Равил Ғайнутдин.
"Яна масжидлар мавзусига қайтаман ва бу мавзуга эътиборингизни қаратмоқчиман. Умумий тарзда буни Россиядаги жамият ва кишиларнинг маълум бир қисми шаҳарларда мусулмон маданияти, йирик мусулмон жамиятларини кўришни истамаяпти деб айтиш мумкин", — дейилади ташкилот расмий сайтида жойлаштирилган шайх Ғайнутдиннинг Россия муфтийлар кенгаши ташкил этилганлигининг 20 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида.
У салбий муносабатлар илгари масжид қуриш учун ажратилган ерлар (мусулмон ҳамжамияти қурилиш бошлаш учун лойиҳавий ва бошқа ҳужжатлар тайёрлаш учун анчагина миқдорда маблағ сарфлаб қўйганлигига қарамасдан) аввалги маъмурият томонидан ноқонуний тарзда ажратилганлиги рўкач қилиниб тортиб олинаётганлиги кўринишида намоён бўлаётганини айтди.
"Айрим мансабдорлар қурилган масжидларни бузиб ташлаш чақириғидан ҳайиқмаяптилар. Москванинг Текстильшики районида (2010 йилда масжид қурилишига қарши ўтказилган намойиш) сохта намойишчилар, имзо йиғишлар ва масжид қурилишига қарши митинглар миллатчилик руҳидаги ташкилот ва гуруҳларнинг фойдасига ишлади. Масжидларга ўт қўйиш, қабрларни таҳқирлаш, зўравонлик ҳолатлари юз берди", — деб қўшиб қўйди у.
Муфтийнинг айтишича, замонавий Россияда исломофобия ва ксенофобия (нотаниш нарсадан қўрқиш ёки нафратланиш) нинг урчишига мусулмонларнинг тарқоқлиги, тартибсизлиги ва лоқайдликлари сабаб бўлмоқда.