ТОШКЕНТ, 23 сен – Sputnik. Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ишчи ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов билан учрашди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири сайтида ахборот берилган.
Ўзаро музокараларда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришнинг аниқ чоралари муҳокама қилинди.
Хабарда томонлар Қозоғистондан Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги, буғдой, ун экспортини ошириш, икки давлат ҳудуди бўйлаб ўтадиган юк оқимлари учун қулай тариф шароитлари яратиш, темир йўл транспорти хизматлари учун икки томонлама имтиёзлар жорий этиш, Ўзбекистондан Қозоғистонга мева-сабзавот маҳсулотларини элтадиган мунтазам контейнер поездлари қатновини йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришишгани билдирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг минтақалараро ҳамкорлигини ривожлантириш механизмларини яратиш, қишлоқ хўжалиги, нефткимё, фармацевтика, кимё соҳаларида ўзаро маҳсулот алмашишни таъминлаш кафолати бўлган қўшма савдо уйлари очиш, божхоналараро ахборот алмашишда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ташриф якунида А.Мамин ва Р.Азимов Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишларини кенгайтириш бўйича баённома имзоладилар.