ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 22-сентябр куни Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Маминни қабул қилди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Учрашувда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг жорий йил 12-сентябр куни Самарқанд шаҳрига ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Транспорт ва транзит ташиш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, жумладан, экспорт юкларини ташишда икки томонлама тариф преференсиялари бериш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланган. Бу минтақавий транспорт йўлакларининг рақобатбардошлигини ошириш ва уларнинг юқори самарадорлигини таъминлаш имконини беради.
Асқар Мамин самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, Қозоғистон Республикаси мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган ҳамкорликдаги чора-тадбирларни амалга оширишга тайёр эканини билдирган.