ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. 20-21 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг сессиялари бўлиб, уларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар берди.
Сайлов округлари рўйхати сайловчилар сони ҳамда округ сайлов комиссиялари қаерда жойлашганлиги кўрсатилган ҳолда матбуотда эълон қилинди.
Президент сайловини ташкил этиш ва уни ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилади.
Округ сайлов комиссияларининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси билан жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.
Жойлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органлари сессияларида муҳокамалар натижасида округ сайлов комиссиялари таркибига номзодлар тавсия қилиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.