ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. 2016 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси бир қатор ОАВ ва агентликлар билан сайловни ёритиш бўйича икки томонлама битимлар имзолади, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази.
Сайловларнинг очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик каби демократик тамойилларга мувофиқ ҳолда ўтказилишида оммавий ахборот воситалари муҳим аҳамият касб этади.
"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 5-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнини кенг ёритади.
Битимларни имзолашга бағишланган тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов ўтган йиллардаги сайлов кампаниялари мобайнида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича катта тажриба тўпланганини таъкидлади.
Имзоланган битимларни амалга ошириш доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятини изчил ёритиб бориш, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун уларнинг сайловолди дастурлари қоидаларини, мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига тааллуқли мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда, шу жумладан, тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор берилади.