ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. БМТ янги Бош котиби лавозимига кечаётган пойгада етакчиликни эгаллаб турган Антониу Гутерреш БМТ Олий Комиссари сифатида ишлаб юрган кезларида ҳаётида содир бўлган энг аянчли хотираларни ёдга олишга қарор қилди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Ўн йил давомида БМТнинг қочоқлар масаласи бўйича Олий комиссари лавозимини эгаллаган Антониу Гутеррешнинг сўзларига қараганда, икки инсон тақдири уни то шу кунгача тинмай меҳнат қилишга ҳамда уруш ва қийинчиликлардан қочганларга ёрдам беришга ундаб келмоқда.
"Мен сизларга Конго Демократик республикасидан бўлган бир аёл ҳаёти тўғрисида сўзлаб бермоқчиман. У ўз қишлоғи яқинидаги бир далада меҳнат қилаётган вақтида, ўша жойга бир гуруҳ аскарлар келишади. Ўн саккиз аскар аёлни зўрлайди. Бу ҳақда кимдир аёлнинг кенжа ўғлига хабар қилишга улгуради ва ёш йигитча ўша жойга, дала майдонига қараб югуради. Аскарлар уни ўша жойнинг ўзида ўлдиради. Бу хабар аёлнинг эрига етиб борганда, у ўша вақтнинг ўзида юрагини чангаллаб, ўлади", — деб ҳикоя қилди Гутерреш.
"Мен биринчи марта бу ҳақда эшитганимда, бундай ҳодиса рўй бериши мумкинлигига ишонмагандим, ишонишни хоҳламагандим. Аммо афсуски, маълумотлар тасдиқланган эди. Улкан қайғуни тасаввурингизга сиғдира оласизми? Биз бу каби воқеалар юз бермаслиги учун ҳаракат қилишимиз, уларни тўхтатишимиз даркор", — дейди Гутерреш.
БМТ маълумотларига кўра, дунё бўйича қочоқлар сони 20 миллион нафарни ташкил этади.