ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Тошкент вилоятини 2016-2018 йилларда комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар Дастурини тасдиқлади, деб хабар беради Lex.uz портали.
Ҳужжат “табиий-хом ашё, ишлаб чиқариш ва меҳнат потенциалларидан самарали фойдаланиш, ҳудуд аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишни таъминлаш мақсадида” қабул қилинган.
Хусусан, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика соҳаси ҳамда инвестицион сиёсат борасида режали кўрсаткичларни бажариш бўйича чора-тадбирлар режаси топширилиши лозим.
Бир ой давомида тегишли вазирликлар ва маҳаллий ҳокимият органлари янги саноат объектларини қуриш, фаолият юритиб турган саноат корхоналарини модернизациялаш, хом ашё базасини, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни ривожлантириш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқиши ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши лозим.
Бундан ташқари, иқтисодиёт вазирлиги Тошкент вилоятидаги қатор туманлардаги айрим корхоналарнинг даромадларини ошириш ҳисобига давлат бюджети маблағлари сарфини мақбуллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқши лозим. Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов ушбу ишларнинг бажарилиши учун масъул этиб тайинланди.