ТОШКЕНТ, 4 апр – Sputnik. Ўзбекистон-Болгария қўшма корхонаси Uz-Prista Recycling Тошкент вилоятида ишлатилган мотор мойидан тоза мой олиш заводини ишга туширди, бу ҳақда корхона таъсисчиларидан бири бўлган “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ хабар берди.
Қўшма корхона йилига 43 минг тонна ишлатилган мойдан 30 минг тонна мой олиш қувватига эга. Олинган маҳсулот Uz-Prista Oil қўшма корхонаси ишлаб чиқараётган минерал ва синтетик мойларга асос сифатида ишлатилади. Лойиҳага киритилган сармоя – 15 миллион долларни ташкил қилди.
2011 йилда Болгариянинг Prista Oil компанияси “Uz-Texaco” қўшма корхонасидаги Texaco Overseas Holdings Inc компаниясининг 50,1% акциясини сотиб олди. Қўшма корхоанинг иккинчи таъсисчиси бу “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ бўлиб унга 49,9 % акция тегишли.
Ҳозирги кунда Uz-Prista Oil Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводида 30га яқин мотор, трансмиссия, гиравлика ва бошқа мойлар ишлаб чиқармоқда. Корхона маҳсулотининг 70% Ўрта Осиё ва Шарқий Европа мамлакатларига Texaco бренди остида экспорт қилинмоқда.