Эксперт: Жиззах шаҳрига янги ҳоким тайинлаш - нозик сиёсий ҳаракат

Oбуна бўлиш
Анонимлик шарти асосида Спутник Ўзбекистон мухбири билан суҳбатлашган экспертга кўра, Жиззах шаҳри ҳокими ўз фаолиятида жиддий хатоларга йўл қўйгани учун ишдан олиб ташланмаган, шунчаки бу ерда сиёсий майдонга янги ўйинчи - Абдуқаҳҳор Тўхтаевни киритиш эҳтиёжи туғилган, холос.

ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Ўзбекистон Президенти в.б. Шавкат Мирзиёев куни кеча Жиззах шаҳрига янги ҳокимни тасдиқлаган эди.

Анонимлик шарти асосида Спутник Ўзбекистон мухбири билан суҳбатлашган экспертнинг фикрига кўра, Жиззах шаҳри ҳокими ўз фаолиятида жиддий хатоларга йўл қўйгани учунгина ишдан олиб ташланмаган, шунчаки, бу ерда сиёсий майдонга янги ўйинчи — Абдуқаҳҳор Тўхтаевни киритиш эҳтиёжи туғилган, холос.

"Шавкат Мирзиёев катта сиёсий майдонга ўз тарафдорларини қайтариш сиёсатини олиб бораётгани ҳаммага аён. Бунинг тушунарсиз жойи йўқ. Ҳозирда бошқатдан ҳокимиятга қайтарилаётган одамларнинг ҳаммаси ўз вақтида турли сабабларга кўра, асосан, Ислом Каримов атрофидаги бошқа номзодлар туфайли эгаллаб турган лавозимларидан кетишга мажбур бўлганлар. Айнан Тўхтаев ҳақида гапирадиган бўлсак, у республика Бош вазирининг собиқ ўринбосаридир, Мирзиёев билан анча вақт бирга ишлаган, улар бир-бирларини жуда яхши билишади", — деб таъкидлади эксперт.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, Тўхтаев номзоди 2005 йилда Тошкент маъмурияти раҳбарлигига илгари сурилиши ортида айнан Мирзиёев турган. (Айтиш жоизки, Тўхтаев бу лавозимда 2011 йилгача фаолият юритган.)

"2011 йил бошларида Тўхтаев атрофида қора булутлар тўплана бошлади. Куч ходимлари унинг бизнес-ҳамкорларини ва атрофидаги одамларни текшира бошладилар, шундан ҳаммага аён бўлдики, Тўхтаев Ислом Каримов атрофида бўлган аллақандай мансабдорнинг жиғига тегиб қўйган. Тўхтаевни лавозимдан воз кечишга мажбур қилдилар, шу боис ҳам у  "саломатлиги туфайли", "ихтиёрий" равишда ишдан кетиш ҳақида аризасини ёзишга мажбур бўлди. Ҳатто Мирзиёев сингари кучли "танк" ҳам унга ёрдам бера олмади. Эндиликда эса ҳаммаси ўз ўрнига қайтмоқда.

Етарлича чўзилган танаффусдан сўнг Тўхтаев айни вақтда иш жараёнига киришиб, бошқарувни ўз қўлига олиши лозим, айнан шу мақсад учун ҳам Жиззах шаҳри танланди", — деб таъкидлади суҳбатдош.

Шавкат Мирзиёев ҳукумат таркибини ўзгартиришни бошлади
Жиззах — мураккаб шаҳар, у ҳамма нарса қишлоқ хўжалиги билан чамбарчас боғлиқ бўлган регион маркази ҳисобланади. Сўнгги бир неча ой давомида вилоятда куч-тартибот ходимларининг югур-югури, прокуратура ва солиқ текширувлари, порахўрлардан тозаланиш сингари тушунарсиз ҳолатлар кузатилган эди. Бундан хулоса қилиш мумкин-ки, бу ҳатти-ҳаракатлар бежизга эмас, балки фуқаролар ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан жиддий норозилик ёхуд шундан белги берувчи ҳаракатлар содир бўлган бўлиши мумкин. Сайлов олдидан муаммолар эса ҳеч кимга керак эмас, шу боис ҳам тозалаш ишлари амалга оширилган, — дея фикр билдирди эксперт.

"Тўхтаев бу лавозимда узоқ ушланиб қолмаслиги шубҳасиз. Мирзиёевнинг унга нисбатан режалари бошқача. Муваққат президент ўз одамини тез орада Тошкентга чақириб олар ҳамда унга вазир ёки бош вазир ўринбосари "портфелини" топшириши эҳтимолдан ҳоли эмас", — дея таъкидлади эксперт.

Янгиликлар лентаси
0