ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Душанба куни Тошкентдаги “Ҳазрати имом” (Ҳастимом) масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигида Қурбон ҳайити намозини адо этиш учун 60 мингга яқин киши йиғилди, деб хабар берди РИА Новости Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматига асосланиб.
“Бу муборак кунларда меҳр-мурувват, ўзаро ёрдам, саховат каби эзгу амалларни кўпроқ амалга ошириш ҳамда қурбонлик қилиш, унинг тартиб ва одоблари ҳақида муфтий ҳазратлари сўзлаб бердилар”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Ҳайит намози адо этилгач, барча намозхонлар бир-бирларини байрам билан қутлар эканлар, бу дориломон кунларга етказганига шукр қилиб, юрт тинчлиги ва фаровонлиги, Ватанимиз равнақи, фарзандлар камолини Яратгандан сўраб дуолар қилдилар.
Ҳайит намозини адо этиш учун отланган намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида Тошкентдаги метро ва автобуслар ўз ишини эрталаб соат 04.00дан бошлади. Тошкент шаҳридаги барча масжидларда Ҳайит намози аввалроқ Ўзбекистон Мусулмонлари идораси белгилаб берганидек, душанба куни тонгги соат 06:15да ўқилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда эса Ҳайит намози тақвимдаги вақт тафовутлари асосида ўқилди.
Аҳолининг 90 фоиздан ортиғи Ислом динига эътиқод қиладиган Ўзбекистонда 1992 йилдан буён Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам куни сифатида нишонланиб келинади ва дам олиш кунлари деб эълон қилинган. Ушбу байрам Ўзбекистонда кўтаринки руҳда нишонланади. Шаҳару қишлоқларда кўча ва гузарлар тартибга келтирилади, қабристон ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилади. Ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинади. Бу эса одамлар ўртасида меҳр-мурувват ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.