ТОШКЕНТ, 10 сен — Sputnik. Миллиардернинг айтишича, бордию у президент этиб сайлангудек бўлса, бутун дунё Американи аввалгидек ҳурмат қилишни бошлайди, деб ёзади РИА Новости.
Дональд Трамп ўз чиқиши вақтида, шунингдек, яқинда бўлиб ўтган ҳодиса — Қора денгиз устида Россия самолёти АҚШ кемасига "намойишкорона" ҳужум қилганини эслатиб ўтди.
АҚШга бошқа давлатлар жиддий муносабатда бўлмаётганига мисол келтирар экан, Трамп Россия ва Америка самолётлари Қора денгиз устида бир-бирига ўта яқин келгани сингари ҳолатларни эслатиб ўтди. "Путин куляпти, ишонинг, у бизнинг етакчиларимиз устидан куляпти. Кеча унинг самолёти уч метр нарида учиб ўтди, у устимиздан куляпти, худди Эрон каби бизни масхара қиляпти", — дея таъкидлади Трамп.
Миллиардер, шунингдек, бир неча кун олдин рўй берган ҳодисани мисол келтирди. Унинг сўзларига кўра, Эрон Ҳарбий Денгиз Кучлари Форс қўлтиғида Америка ҳарбий кемасига ўта яқин келиб, уни йўналишни ўзгартиришга мажбур этган.
АҚШ президентлигига номзод Трамп, Бош Қўмондон бўлса бу сингари ҳодисаларда эронликларни сувдан "суғуриб" олишини маълум қилди. "Улар бизнинг виқорли эсминецларимизни ўзларининг майда қайиқчалари билан ўраб олиб, олдимизда имо-ишора қилишмоқда, уларга бунга рухсат бермаслик керак", — дея ўз фикрларини баён қилди Трамп.