ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида душанба куни якунланган "Катта йигирматалик" саммитидан сўнг Хитой ва Вашингтон расмийлари ўртасида протокол масалалари ҳамда Оқ уй журналистларининг жойлаштирилиши юзасидан бир нечта жанжалли мунозаралар бўлиб ўтди.
ОАВларга кўра, Ханчжоу аэропортида Обама уни кутиб олганлар билан қўл бериб кўришаётган вақтда хитойлик журналистлар Америка президенти атрофида бўлган мухбирларни четга суриб ташлаганлар. Бундан ташқари, маълум бўлишича, Хитой томон америкалик мухбирларга президент кортежи билан биргаликда кетишга рухсат бермаган.
"Америка Қўшма Штатлари, халқаро тадбирларда журналистлар учун ўрнатилган қоидаларни менсимаган ҳолда, 20 нафар мухбир минган автобус Обама кортежи билан бирга тўғри саммит бўлаётган жойгача бориши кераклигини талаб қила бошлади. У ерда эса ёпиқ эшиклар ортида учрашув ўтказилаётган эди", — деб хабар қилди манба.
Яна бир манба эса "табиийки, автобусга президент кортежи таркибида боришга рухсат берилмагани" ҳақида айтган.
"Қоидаларга мувофиқ, биз уларга матбуот-марказига боришлари мумкинлигини айтиб, ўз ёрдамимизни таклиф қилдик. Марказда улар хавфсизлик назоратидан ўтишлари лозим эди. Аммо шу гапни айтишимиз билан журналистларнинг айримлари автобусда қолишни маъқул кўришди, бошқалари эса тўғри ҳожатхонага йўл олдилар", — дея қўшимча қилган манба.
ОАВларда, шунингдек, Хитой томон Обама ва ХХР Раиси Си Цзинпиннинг сайри вақтида америкалик журналистлар сонини олти нафардан учтагача қисқартиргани, сал вақт ўтмай, фақат битта журналистга Обамага эргашишга рухсат берилгани ҳақида ҳам ёзилган эди.
Хитой томон буни "Обаманинг атрофида олти нафар журналист бўлиши мумкин деб ҳеч кимга ваъда қилмагани" билан изоҳлади.
"Олти нафар журналист учун кўл олдидаги йўлак жуда торлик қиларди, шу боис, биз икки томондан бир нафардан мухбирни қолдиришни таклиф қилдик. Америка томон бу таклифни маъқуллади", — дея иқтибос келтиради манба сўзларидан нашр.
"Қандайдир талабларни илгари суриш бу одатий ҳол, аммо бу талаблар меъёрдан ошмаслиги лозим. АҚШ ҳам бундан мустасно эмас", — дея таъкидлади манба. Нашрда ёзилишича, "саммитда иштирок этган бошқа мамлакат делегацияларининг ҳеч бири АҚШ каби талабларни қўймаган".
"Чет эллик журналистлар учун қулай шарт-шароитларни яратишга асосларимиз етарли, сабаби, Хитой, энг аввало саммитнинг яхши ўтишидан манфаатдор", — деб таъкидлаган манба.