ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Ўз чиқиш ва ғалабаларимизни Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишлаймиз, деди II Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида иштирок этаётган ўзбекистонлик курашчи Дониёр Абдураҳимов Sputnik Қирғизистон мухбирига.
Унинг айтишича, у 90 килогача вазн тоифасида қатнашмоқда, бутун жамоа эса 14 нафар спортчидан иборат.
Ислом Каримовнинг вафоти ҳақидаги қайғули хабарни эшитганидан сўнг жамоа мотам белгиси сифатида ўйинларнинг очилиш маросимида қатнашмасликка қарор қилди.
"Бу хабар бизни карахт аҳволга солиб қўйди. Биз бундай воқеа юз беради деб ўйламагандик. Энди барча чиқиш ва ғалабаларимизни биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хотирасига бағишлаймиз", — деди Абдураҳимов.
"Бу ерда ҳамма нарса яхши ташкиллаштирилган. Одамлар самимий. Бир қардош халқлармиз ва бизга ҳамманинг муносабати яхши", — деди курашчи.
Унинг айтишича, бу ерга кучли спортчилар ташриф буюрган ва медаллар билан қайтиш учун қаттиқ тер тўкишга тўғри келади.
"Қирғизистон, Россия жамоалари жуда кучли. Озарбойжонлик курашчилар ҳам фаворит ҳисобланишади. Лекин биз ҳам ғолиб бўлиш ниятидамиз", — таъкидлади Абдураҳимов.