ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Бугун Ўзбек халқи оғир жудоликка учради. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, мустақиллик меъмори Ислом Каримов инсульт оқибатида вафот этдилар. Бу ҳақда жума куни "Ўзбекистон" телеканали хабар қилди.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳақиқатан буюк тарихий шахс эди. Ислом Каримовнинг қатъияти ва жасорати билан республикамиз мустақилликка эришди ва ўз тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритди. Ёш давлатимиз учун ғоят мураккаб ва масъулиятли даврда вазият беқарорлашувининг олди олингани ва халқимизнинг уруш даҳшатларини кўрмасдан эсон-омон ўтиши бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ.
Халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Йўлбошчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди.
Барчамиз учун қадрли бўлган Президентимизнинг васиятига кўра, Ислом Каримов шу йил 3 сентябрда ота-онаси мангу қўним топган она шаҳри Самарқандда мусулмон урф-одатларига биноан дафн этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти билан видолашув маросими 2016 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Биз барчамиз учун ўта оғир жудолик муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва бутун Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик билдирамиз", — дейилди хабарда.
Дафн маросимини ташкил қилиш бўйича Комиссияга Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев раҳбарлик қилиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 78 ёшли Президент Ислом Каримовнинг миясига қон қуйилгани ҳақида илк бор унинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўзининг Instagram саҳифаси орқали маълум қилган эди.
Куни кеча Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни Мустақиллик куни билан табриклаган эди.
Шу билан бир қаторда Мустақиллик куни муносабати билан ўтказиладиган катта тадбир бекор қилиниб, халқ сайлигина қолдирилган эди.
25 йил ичида биринчи маротаба ўзбек халқи Мустақиллик байрамини Президентсиз ва мушакбозликсиз нишонлади.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2 сентябрь тонгида президент Ислом Каримовнинг "соғлиғи бирданига ёмонлашди" дея маълум қилган эди.
Вазирлар Маҳкамаси шифокорларга таянган ҳолда президент аҳволини "ўта оғир" дея баҳолаганди.
Эслатиб ўтамиз, 78 ёшни қарши олган Ислом Каримов 1991 йилдан буён Ўзбекистонни бошқариб келаётган эди.