ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот-хизмати Ислом Каримовнинг вафот этгани ҳақида хабар тарқатмаганини маълум қилди.
Ўзбекистон халқи республика президенти соғлиғига доир хабарни интиқлик билан кутмоқда. Ижтимоий тармоқларда "Президентимиз қай аҳволда?", "Нега бизга хабар қилинмаяпти?", дея савол билан бир-бирига мурожаат этаётганлар сон-саноқсиз.
"Кутиб ўтирибмиз… Бугунчалик телевизор қаршисига ҳеч қачон "михланмаган" эдим". "Биринчи марта ҳаётимда янгиликларни интиқлик билан кутмоқдаман. Балки улар нохуш бўлар, буни билсамда, кутяпман. Лекин руҳан нохуш хабарга тайёр эмасман".
Сал олдин Ўзбекистон давлат телеканаллари ўз дастурларига ўзгаришлар киритгани ҳақида хабар қилишган эди. Яна бир оздан сўнг Самарқанд аэропортида шанба куни парвозлар амалга оширилмаслиги эълон қилинди.
Бугун эрталаб "Ўзбекистон" телеканали Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов "ўта оғир аҳволда"лигини маълум қилган эди.