ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси тижорий фойдаланиш учун янги типдаги икки Boeing-787 Dreamliner самолётидан бирини қабул қилиб олди.
Ушбу самолёт замонавий Boeing 767 га нисбатан ёқилғини 10 фоизга тежайди. Тошкентдан Москвага етиб бориш вақти 10 дақиқага, Лондон ва Парижга эса 20-30 дақиқага қисқаради. Унда дунёнинг энг чекка нуқталарига ҳам парвоз қилиш мумкин.
Йўловчи ўриндиқларининг умумий сони 246та. Ҳар бир йўловчи учун кўрсатувлар кўриш имконини берувчи алоҳида экран билан жиҳозланган.
Авиакомпания раҳбари Валерия Тяннинг айтишича, сентябрдан “орзу лайнери”да Ўзбекистондан АҚШ ва Канада, Узоқ Шарқ, Осиё, Африка, Австралиянинг исталган аэропортларига парвозларни йўлга қўйилади. Тез орада авиакомпания парки яна бир мана шундай самолётга эга бўлади.