ТОШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида фармон имзолади, деб хабар қилган "Жаҳон" АА.
Ҳужжатда қайд этилишича, улар ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштиришга, фуқароларнинг қонуний манфаатларини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш ва юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашга қўшган катта ҳиссаси, шунингдек, мамлакат Қуролли Кучларининг жанговар тайёргарлигини оширишдаги хизматлари, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш, барқарорлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун учун мукофотланади.
Фармонга мувофиқ, улар тегишли тарзда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени, II даражали «Шон-шараф» ордени, «Дўстлик» ордени, «Мардлик» ордени, «Жасорат» медали, «Содиқ хизматлари учун» медали, «Шуҳрат» медали билан тақдирланади.