ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. XXI аср инсоният учун жуда кўп салбий унсурларни олиб келди: террор балоси, гиёҳвандлик, одам ва қурол савдоси, фоҳишабозлик, миссионерлар найранглари…
Кейинги йилларда айниқса одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар жиддий ташвиш ва хавотирларни келтирмоқда.
Уйдан чиққанча дом-дараксиз кетди
Эрталабки 6.30. Москва жануби-шарқидаги "Садовод" бозори. Бу ерга ҳар куни Махачкаладан автобуслар қатнайди. Ана шу автобусларнинг бирида бугун Доғистоннинг Сергокалла қишлоғида меҳнат қуллигида сақланган Ярослав Яремчук келади.
Ярославни кутиб олишга "Альтернатива" ("Муқобил" маъносида, таҳр.) ҳаракати фаоли Алексей билан йўл олдим. Айнан Алексей эркакнинг озод қилинишида катта ҳисса қўшган, деб ёзади РИА Новости мухбири Виктория Сальникова. Ярослав омади кулган йигитлардан экан — у қулликда кўп сақланмади. "Шундай воқеаларни биламанки, одам 16 йил мобайнида қулликда бўлган. Паспорти эски, собиқ Иттифоқ даврида олинган бўлгани учун, бирорта базада у ҳақида маълумот бўлмаган", — деб ҳикоя қилади Алексей.
Ярославни кўп кутиб қолмадик. У ёнида ҳамроҳи билан келди — йўл давомида Яремчукнинг бошидан кечирганларини тинглаб келган ҳайдовчи Алексейдан ёрдам сўрамоқчи бўлиб, қаҳрамонимизга эргашиб келган экан. Ҳайдовчи ўн йил олдин укаси уйдан чиқиб, дом-дараксиз кетганини сўзлаб берди. "Волгоградга кетяпман деганди. Шу бўлди қайтиб келмади. Балки укам ҳам қул савдоси қурбонига айлангандир…" — эркак ўз гапини тугатолмади, кўзларидан ёш қалқди. Бунга ўхшаш тақдирлар ўн минглаб топилади…
Москвага вилоят ва чет регионлардан келганлар, қоидага мувофиқ, энг "заиф" қатлам ҳисобланади. Улар катта шаҳарлардаги ҳаётга мослашмаган, шу боис "отнинг калласидек" маош ҳақидаги чиройли гап-сўзларга учағон бўлишади.
Викториянинг ёзишига қараганда, бўлажак қуллар вокзалнинг ўзидаёқ "талон-тарож" қилинади. Битта одамнинг баҳоси — 15-20 минг рубль. "Баъзан уларни ҳушидан кетгунча ичириб, ўликдек ҳолатда олиб кетишади, аммо кўпинча одамлар ихтиёрий равишда бирга кетишга рози бўладилар", — деб ёзади мухбир. Қулларни ҳеч ким айнан бир регионга бириктирмайди — мажбурий меҳнатдан худди Кавказда сингари, Липецк вилоятида ҳам фойдаланишлари мумкин.
Ярослав Доғистонга ўз хоҳиши билан ва биринчи маротаба бораётгани йўқ. Беш йил олдин у Каспийскдаги ғишт заводига ишга жойлашган эди. Уч йил ишлаб, меҳнати учун 30 минг рубл ҳақ олиб, уйига қайтди.
Эркак пул ҳақида гапирар экан, унинг овозида норозилик оҳанги сезилмади, у гўё ўз маошидан розидек эди.
"Доғистонга яна бир бор боришга қарор қилдим. Яна Каспийскка юборишади деб ўйлагандим. Аммо мени Сергокалланинг тоғли ҳудудида жойлашган бир ғишт заводига олиб келиб ташлашди. Шарт-шароит жуда оғир эди. Ўтган гал тушликка ҳам суюқ, ҳам қуюқ овқат, беш литрлаб чой (иссиқ эди ахир) беришган бўлса, энди эса… Бир сафар тушлик вақти 1,5 литрлик идишни олиб боргандим, овқат тарқатаётган аёл менга худди телбага қарагандек бақрайди. Ярмигача тўлдириб, "бошқа йўқ, келма", дея ўдағайлаб берди. Икки ҳафта зўрға чидадим, қочдим", — дея ҳикоя қилади Ярослав.
Аммо, қочишга келганда, қаҳрамонимиз йўл тополмай қолди. Ҳужжатсиз, пулсиз, таниш билишларсиз қаёққа ҳам бориш мумкин!? Тез орада эркак қўлга олинди ва бу гал подачилик қилишга юборилди. Яна қочди, аммо бу сафар шундай "хўжайинга" тушдики, бир йилгача ўша жойларда қолиб кетди. Ярославнинг сўнгги эгаси Гаджи исмли доғистонлик бўлди.
"Гаджи олдинги "хўжайинимдан" олиб кетгани келганида, "сен қўй боқасан, мен эса — сигир", деб айтган эди менга. Натижада, иккала подани ҳам ўзим боқишимга тўғри келди. Қўйлар бир томонга қараб чопади, сигирлар иккинчи. Қай бирининг ортидан югуришни билмайман! Кечқурун мендан талаб қилишади, ахир! Гаджидан мени уйга қўйиб юборишини илтимос қилардим, аммо у "икки йил ишлаб берсанг, қўйвораман", деб рози бўлмасди. Йўл ҳақини кўтаришга, ҳужжатларни тиклашимга ёрдам беришини айтарди. Маош ҳақида эса лом-мим демасди. Бу, албатта, мени ранжитарди, аммо қўлимдан нима ҳам келарди? Қаёққа қочардим — қочадиган жойим ҳам йўқ эди… Биридан қочсанг — иккинчисига тутиласан — ундан ҳам баттарига", — деб ҳикоя қилади Ярослав.
Ярослав шу ерда Доғистонда танишиб қолган бир одам ҳақида эслади. "У кундузи чўпонлик қиларди, кечаси эса қочиб кетмаслиги учун "хўжайини" уни занжирбанд қилар экан, ўзим менга гапириб берган".
"Гаджининг уйида сигирлар соғиладиган оғилда яшаганман. Менинг ҳатто телевизорим бор эди. Бир кунда бир маҳал — кечқурунлари овқат беришарди. Баъзан колбаса ҳам тегиб қоларди. Кўпинча шўрва билан сийлашарди. Чўмиладиган жой йўқ эди. Тонг саҳар тўртдан қуёш ботгунча дам олишларсиз эзиб ишлатишарди", — дейди Ярослав.
Маҳалла посбони Гаджининг уйига текширувлар билан келиб турган. Доғистонлик посбоннинг келиши ҳақида олдиндан хабардор бўлгани учун текширув куни Ярославни яширар экан. "Қул" бу каби ҳатти-ҳаракатларга кўникиб кетган эмасми, тақдирга тан бериб, ҳатто қаршилик кўрсатмаган. "Хўжайин"нинг олдига "Альтернатива" фаоллари ва полициячилар келган куни, "қулдор" уларга Ярославнинг ўрнига қўйни олиб кетишни таклиф қилган.
Сеҳр-жоду ҳам "иш берган"
Мажбурий меҳнатнинг яна бир тури — интим хизматдир. Албатта, меҳнат қулларига нисбатан қизларнинг нархи бирмунча юқори, — 70-150 минг рубль атрофида. Ёлловчилар икки ёқлама иш қилишади — Россияга қизларни олиб кириш ва рус қизларини хорижга сотиш билан шуғулланишади.
"Ганалик бир қиз бор эди. Уни Россияга олиб келиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур этишган. Қизни озод қилганимизда, вуду (сеҳр-жоду тури, таҳр.) туфайли ўз "эгаларини" тарк этишга қўрққан. "Хўжайин" қизга "Агар қочсанг, бутун оилангни сеҳр ёрдамида ўлдираман", — дея пўписа қилган экан. Кўнгилли ишчимиз болалар ўйинчоқлари сотиладиган дўкондан шақилдоқ харид қилиб, қизни чир айлантириб уриб чиқиб, "мана энди сеҳр-жодудан халос бўлдинг, — деб айтишга мажбур бўлган", — деб эсга олади "Альтернатива" ҳаракати раҳбари Олег Мельников.
Рус қизлари чет элга ўз хоҳишлари билан кетадилар. Улар қисқа муддат ичида бойиб кетишни орзу қилишади.
"Қаранг-а, аёллар орасида Туркияга бориб идиш-товоқ ювиб, ойига минглаб евро ишлаш мумкинлигига ишонгувчилар бор экан. Аслида эса, келишлари билан ҳужжатлари тортиб олинади ва фоҳишалик қилишга мажбур этилади", — қўшимча қилади Мельников.
Қуллик ва миграция
Замонавий қуллик кўриниши хилма-хил бўлгани билан мағзи битта — инсонни унинг иродасига қарши ишлашга мажбур этиш. Тўғри, кишига маош тўланиши ҳам мумкин, аммо берилаётган ойлик иш ҳақи унинг фақат овқатига ва ишга етиб олишига етарли даражада бўлади, холос. Россияга МДҲ давлатларидан келаётган мигрантлар ана шундай ҳолатга тушишади кўпинча.
Жобир тўрт ярим йилдан буён Москвада ишлайди. У ўтган йил бир қурилиш фирмасига ишга жойлашгунига қадар иш берувчилар билан муаммоларга дуч келмаган. Ишга расман — меҳнат шартномаси орқали жойлашган. Фалокат шундаки: оғзаки равишда унга бир маош ваъда қилинган бўлса, ҳужжатда бошқа — анча кам ойлик кўрсатилган.
"Менга 5 ойгача маош тўлашмади. Бошқа қурувчилар билан биргаликда директорнинг олдига кириб, ундан ҳеч бўлмаса ижара ҳақи ва патент тўлови учун пул сўраганимизда, у бизга "бу сенларнинг муаммоларинг", деб жавоб қайтарди. Айтишига қараганда, бош раҳбар унинг ҳисобига пул ўтказмаган эмиш. Бош раҳбаргача чиқдик, натижада, пул ўз вақтида ўтказилгани ошкор бўлди", — дея ҳикоя қилади Жобир.
"Бир ойлик чиқимимиз 20 минг рублни ташкил қилади — ижара ҳақи, патент учун тўлов, йўл ҳаражатлари. Шуларни қоплаш учун қариндош, танишларимиздан қарз олганмиз. Энди эса қандай қайтаришни ўйлаб, бошимиз қотяпти", — қўшимча қилади Жобир.
Собиқ иш берувчи эса телефон қўнғироқларига жавоб бермай қўйганига анча бўлган. У аллақачон ғойиб бўлган бўлиши эҳтимолга анча яқин (балки Канар оролларида дам олаётгандир бу вақтда).
Нима қилмоқ керак?
Қуллик тўғрисидаги жиноий ишлар — ҳамиша мураккаб. Бу каби ишлар билан шуғулланувчи адвокатларга ишлаб чиқилган ҳуқуқий асослар камлик қилади. Қулдорларнинг "айбини" бўйнига қўйиб бериш — жуда мураккаб иш.
"Моддалар хом ишланган ва охирига етказилмаган. Кўпчилик — биз уларни кишанда сақламаганмиз, деб айтади! Аммо қуллик тарихида қуллар ҳеч қачон бир жойга кишанлаб қўйилмаганини, улар эркин ҳаракатланганини сизларга эслатиб ўтмоқчиман. Халқаро меҳнат ташкилотида қулликни аниқлайдиган бир қанча пунктлар бор — бу руҳий ва жисмоний таъсир ўтказиш, ҳужжатлардан маҳрум қилиш, маошни бермаслик ва ҳоказолардир. Аммо бундай ҳолатлар туфайли жиноят ишлари жуда кам қўзғатилган, охирига етказилган ишлар эса бармоқ билан санарли даражада", — дейди Мельников.
Суҳбадошнинг сўзларига қараганда, "Альтернатива" фаоллари бир йилда 150 нафаргача одамни қулликдан халос қилади. Аммо бу рақам кунига қул савдоси қурбонига айланаётган одамлар кўрсаткичидан ҳам кам.
"Одамларни қўрқитишади, дўппослашади. "Қулдорларга" бандиликда сақланаётган одамларни ушлаб туриш учун "девор" ҳам шартмас. Номаълум регионга олиб бориб, ҳужжатлар тортиб олинса, бўлгани. Агар "тирик товар" касал бўлиб қолгудек бўлса, уни чалажон ҳолатда кўчага ҳайдаб солишади. Ўзбекистонлик бир кишини 12 кун қарадик, аммо у ўзига келмади, вафот этди", — қўшимча қилади Мельников.
"Исбот-далиллар, экспертиза натижалари, ҳужжатларни тўплаш учун жуда катта куч сарф қилдик. Одамларни касалхоналарга олиб бориб, ишчилар жойлаштирилган жой уларнинг соғлиғига ўта салбий таъсир кўрсатганини исботловчи хулосаларни олдик. Охири нима бўлди? Охири бизга бу иш юзасидан жиноий иш қўзғатилиши бўйича тўққиз маротаба рад жавоби берилди", — дейди суҳбатдош.
Дўкон эгалари эса ҳамон озодликда.