ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. "Донбассдаги жангларда иштирок этган ўзбекистонликнинг ҳибсга олиниши икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга таъсир этмайди", дея таъкидлади Тошкентда бўлиб ўтган матбуот-анжуманда Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Юрий Савченко.
"Ўша интернетнинг ўзида Украина қуролли кучларида, кўнгилли батальонлари сафида ўзбекистонликлар ҳам борлиги кўрсатилган мисоллар бор. Улар Украина фуқаролигини қабул қилган. Рақамларга келадиган бўлсак, очиғи, аниғини айтолмайман, чунки ким, қаердалигини кузатиш осон иш эмас. Икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар давом этишига умид қиламиз", — дея таъкидлади элчи.
Элчи ўзбекистонликнинг кейинги тақдири қандай кечиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Дипломатнинг сўзларига кўра, эндиликда Ўзбекистон фуқароси устидан Украина қонунчилиги доирасида жиноий иш қўзғатилади.
"Ҳамма нарса унинг қандай жиноят ва қоидабузарликларни содир этганлиги исботланишига боғлиқ. Менинг фикримча, суд бўлади, ҳозирда эса қонунчиликка асосан уни икки ойга ҳибсга олишади, бу вақт оралиғида унга айбловлар қўйилади ва сўнгра суд жараёни бўлиб ўтади. Ўзбекистон фуқаросининг ўз юртига қайтарилиш-қайтарилмаслиги менинг ўзимга ҳам қизиқ, аммо бу жуда мураккаб масала. Ҳозирда ноаниқ нарсалар кўплиги учун бу борада бирор нарса дейиш қийин", — дея таъкидлаган украиналик дипломат.
Эслатиб ўтамиз, 16 август куни Донбассдаги жангларда Донецк республикаси томонида қатнашган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олинганлиги ҳақида хабар тарқалган эди. Украина президенти расмий вакили баёнотига кўра, ҳибсга олинган ўзбекистонлик 2014 йилнинг декабридан бошлаб жангларда иштирок этишни бошлаган ва Горловка, Широкино ҳудудларида бир неча бор Украина қўшинларига қарши жангларда қатнашган.