ТОШКЕНТ, 13 авг — Sputnik. Москва расмийлари АҚШ Куба устидан савдо-иқтисодий ва молиявий эмбаргони олиб ташлашига умид қилмоқда, дея таъкидлади Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Первий каналга берган интервьюсида. РИА Новости хабари асосида.
"Умид қиламанки, Вашингтон бошлаган ишини тўхтатмайди. Сабаби, ҳозирда энг муҳими савдо-иқтисодий ва молиявий эмбаргони батамом олиб ташлаш. Менинг наздимда, бутун бошли халқларга босим ўтказиш учун иқтисодий чораларни қўллаш — бизнинг цивилизация учун шармандаликдир. Фикримча, АҚШ буни англамоғи лозим. Обама ноқонуний усуллар билан Куба халқи танловини ўзгартириш — Америка манфаатларини жадаллаштиролмаганини маълум қилган эди. Шунинг ўзи ҳам тарихий ҳодисадир", — дея баёнот қилди Лавров.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг охирида АҚШ бир неча ўн йиллар давом этган танаффусдан сўнг Куба билан дипломатик алоқаларни қайта тиклаш ҳақида музокараларни бошлаш ниятида эканлигини эълон қилганди. Ўтган давр мобайнида иккала давлат муносабатлари тикланди, АҚШ президенти Барак Обама Гаванада бўлди. Расмий Вашингтон Кубага қарши эълон қилинган айрим санкцияларни бироз юмшатган бўлса-да, ярим асрдан буён амал қилиб келаётган савдо эмбаргоси, аввалгидек, ўз кучини йўқотмаган.