ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Bild нашри пайшанба куни эълон қилган хабарга кўра, Германияга кириб келган қочқинларнинг 80% шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга эмас. РИА Новости хабари асосида.
Бундан ташқари, кўплаб бошпана изловчилар ўз ёшини атай кичрайтириб айтмоқда — негаки, миграция хизмати шахсни "балоғат ёшига етмаган, кузатувчисиз келган", деб топган тақдирда қочқинга ижтимоий суғурта жамғармасидан ойига 80дан то 180 евро миқдорида тўлов тўлаб борилиши лозим, деб хабар қилмоқда Bild.
2015 йилда Германия бир миллиондан ортиқ қочқинларни қабул қилди. Сурия ва Афғонистондан кириб келган қочқинлар томонидан Баварияда июль ойида амалга оширилган қатор терактлардан сўнг, Германия ИИВ мамлакат хавфсизлигини ошириш чора-тадбирлари мажмуини ишлаб чиқди. Янги ташаббус тақдимоти пайшанба куни Берлинда бўлиб ўтади.