ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Тошкентда аҳолининг энг севимли ичимликларидан бири бўлмиш — Coca-Cola танқислиги билан боғлиқ муаммолар юзага келди, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Икки ҳафтадирки савдо расталаридан бир ярим ва бир литрлик ҳажмга эга идишлардаги ичимликлар йўқолиб қолган, захирада мавжудларини эса сотувчилар устига 50%дан ортиқ нарх қўйган ҳолда сотмоқда. Мисол учун, агар илгари 1,5 литр идишдаги Coca-Cola ичимлигини 5-6 минг сўм атрофида харид қилиш мумкин бўлган бўлса, эндиликда айрим жойларда улар 9 минг сўмдан ортиқ нархда сотиляпти.
Шуниси қизиқки, бу ичимлик билан боғлиқ бундай ҳолатлар ёзнинг жазирама кунларида тез-тез юз бериб туради. Воқеа шу даражага бориб етган вақтлар ҳам бўлганки, йирик савдо марказлари Coca-Cola савдосида маълум чекловлар киритиб, бир кишига биттадан ортиқ ичимлик сотмаган вақтлар ҳам бўлган. Энг охирги марта ичимлик билан боғлиқ танқислик жорий йилнинг май ойида юзага келган эди. Аммо ўшанда завод раҳбарияти юзага келган ҳолатни заводда янгилаш ишлари олиб борилаётгани, тез орада ичимлик ишлаб чиқарилиши ҳажми ошиши ҳақида гапирган эди.
Қизиқ, нима учун завод раҳбариятининг улкан режалари яна дефицитни келтириб чиқарди?
Бу саволимиз жавобсиз қолиши аниқ шекилли, чунки завод раҳбарияти билан боғланишнинг, улардан юзага келган ҳолат бўйича изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Coca-Cola танқислиги билан боғлиқ вазият бошқа ичимликлар нархига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, олиб сотарлар Coca-Cola савдо расталарида йўқолиб қолганидан фойдаланиб, ичимликнинг биринчи рақамли рақобатчиси — Pepsi нархини кўтариб олишди. Агар илгарилари бу ичимликнинг 1,5 литрини 5-5,5 минг сўмдан харид қилиш мумкин бўлган бўлса, айни дамда унинг нархи 6-7 минг сўмни ташкил этмоқда.