ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Май ойи охирида Coca-Cola Тошкент ва Ўзбекистон регионларидаги савдо расталарига қайтади, деди ишонч билан Sputnik мухбирига пойтахтдаги Coca-Cola ишлаб чиқарадиган заводдаги манба.
Манбанинг таъкидлашича, ёзги мавсумга тайёргарлик ҳамда заводдаги ускуналарнинг модернизация қилиниши туфайли, ушбу ичимликни ишлаб чиқариш вақтинча тўхтатилган.
Корхонада ишлаб чиқариш жараёни 25 майда тўлиқ тикланиши ваъда қилинмоқда.
"Ҳозирда заводимизда инвестиция дастурини ҳаётга татбиқ этиш бўйича катта ишлар бошлаб юборилган. Сўнгги икки ой давомида биз шу ишга тайёргарлик олиб бордик. Германиянинг Krones компанияси бизга 17 дона жиҳозланган катта машиналарни етказиб берди. Модернизация жараёнидан сўнг корхонанинг ишлаб-чиқариш қуввати 1,5 баробарга ортади. Бу ишларнинг барчаси "қайноқ" мавсум олдидан ўтказилмоқда. Сабаби, йилнинг иссиқ мавсумида, жазирама кунларда биз ишлаб чиқарадиган маҳсулотга талаб бир неча баробарга ортади. Биз эса ишлаб чиқариш жараёнида тўхташлар бўлмаслигини таъминлашимиз даркор", — деб ўртоқлашди суҳбатдош.
Манба шунингдек, мавжуд қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистонда Coca-Cola ичимлигини ишлаб чиқариш тўхтатилмаганини таъкидлади: ҳозирда ичимлик фақат шиша идишларга қуйилмоқда.
Coca-Cola компанияси 2016-2019-йилларда Ўзбекистондаги заводларини ривожлантиришга 35 миллион доллар ажратишни режалаштирган. Бугунги кунда Coca-Cola ичимлиги ишлаб чиқариладиган заводлар Тошкент, Урганч ва Наманганда ишлаб турибди. Ушбу заводларда 6 хилдаги ичимликлар ишлаб чиқарилмоқда.