ТОШКЕНТ, — 4 авг — Sputnik. Тез кунларда Тошкентдаги "Истиқлол" санъат саройида "Менинг Тошкентим" мюзиклининг байрам намойиши премьераси бўлиб ўтади. Мюзиклда таниқли грузин ва рус қўшиқчиси, актёр Сосо Павлиашвили ҳам рол ижро этиши кутилмоқда, деб хабар қилинади пресс-релизда.
Ижодкорларнинг сўзларига қараганда, 24 сентябрда “Истиқлол” санъат саройида тақдим этиладиган театрлаштирилган ёрқин ва қувноқ мусиқий томоша Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллик тўйига муносиб туҳфа бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 13-14 май кунлари Тошкентда “Менинг Тошкентим” мюзикли тақдимоти бўлиб ўтган эди.
Ўшандаёқ мюзикл ижодкорлари саҳна асарининг навбатдаги талқинини тайёрлаётганликлари маълум бўлган эди.
Хабарда айтилишича, мюзикл сценарийси маълум артистлар учун махсус ёзилган. Асар мазмуни оддий ва барчага тушунарли: унда яхшилик, дўстлик, меҳр, муҳаббат ва ўзаро ҳурмат ҳукмрон вазиятда бир неча инсон ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Бу қаҳрамонларда биз ўзимизни кўрамиз. Мюзикл ижодкорларининг фикрига кўра ҳам, биз барчамиз Тошкент деб аталмиш катта, аҳил бир маҳаллада яшаймиз.
Мюзиклдаги воқеалар замонавий турар-жой мажмуаси ҳовлисида кечади. Фуқаролар йиғини раиси ўз маҳалласининг Тошкентдаги энг зўр маҳалла бўлиши учун чин дилдан курашади. Бизга маълум пойтахт маҳалласининг ҳаёти ҳақидаги қиссада янгилик рўй беради: маҳалла аҳли орасида бир неча янги қаҳрамонлар пайдо бўлади. Улар орасида бир қараганда кутилмаган қаҳрамон ҳам бор — таниқли грузин ва рус қўшиқчиси, актёр Сосо Павлиашвили!
Маҳалланинг бошқа аҳли: Асал Шодиева, Шадиша, Адиз Ражабов, Жасур Мирсогатов, Фотима Режаметова, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Камила Зокирова, Акбар Атамуҳамедов, Тахмина Боходирхонова.
Мюзиклда кўпчиликка маълум мусиқий асарлар замонавий талқинда янграйди. Санъаткорлар қўшиқларни жонли ижрода, ўзбек ва рус тилларида куйлайдилар.
Хабарда айтилишича мюзиклга чипталарни уйдан, ишхонадан чиқмаган ҳолда Click, Payme ва UZCARD тўлов хизматлари орқали харид қилиш. Шунингдек, чиптани www.myticket.uz сайтида буюртма қилиш мумкин.
"Чипталар нархи 10 000 сўмдан бошланади. Агар харид қилинган чипталар умумий нархи 200 000 сўмга етса ва ундан ошса, чипталар Тошкентнинг исталган бурчагига бепул етказиб берилади. Оилангиз ва дўстларингиз учун чипталарни 2 сентябрга қадар имтиёзли нархларда харид қилинг, бунга бир неча сония вақтингиз кетади, холос! 2 сентябрдан чипталар нархи 20%га ошади", — дейилади хабарда.