ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. 2016-йилнинг 3-август куни Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси делегацияси Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг «С5+1» шаклидаги учрашувида иштирок этди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Хабарда таъкидланишича, шунингдек "С5+1" шакли доирасида Марказий Осиё бозорига қизиқиш билдираётган АҚШ бизнеси вакиллари ва хусусий инвесторлар иштирокида тадбирлар бўлиб ўтган.
Бундан сал олдин АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё давлатлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниел Розенблюм, Вашингтондаги учрашув ҳақида гапирар экан "бу ўтган йилнинг ноябрида Жон Керрининг Марказий Осиёга уюштирган тарихий сафари чоғида Самарқандда бошланган музокараларнинг давоми", деб айтган эди.
Дипломат, шунингдек, Самарқандда бўлиб ўтган учрашув чоғида ҳамкорликнинг учта муҳим йўналиши белгилаб олинганини эслатиб ўтган.
"Биринчи йўналиш — бу иқтисод. Марказий Осиё иқтисодини коинотнинг бошқа минтақалари, ва айни АҚШ иқтисоди билан қай тарзда боғлаш мумкинлигини аниқламоқ лозим. Кейинги йўналиш — атроф муҳит, ва бу ерда бош масала — коинотдаги иқлим ўзгаришига нисбатан ҳамкорликда иш олиб бориш. Ва ниҳоят, хавфсизлик — бу йўналиш доирасида, терроризмга қарши курашнинг самарали усулларини аниқламоқ лозим, Афғонистондаги барқарорлик муаммоси ҳам бундан ўрин олган", — деб айтган Розенблюм.
Дипломатнинг сўзларига қараганда, Самарқандда бўлиб ўтган биринчи учрашувдан сўнг юқорида санаб ўтилган уч йўналиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилган. Бу гуруҳлар томонидан ишлаб чиқилган тегишли лойиҳалар эса куни кеча Вашингтонда ўтказилган учрашув чоғида муҳокама қилиниши белгиланган эди.