ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Бугун Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Марказий Осиёнинг 5 нафар ТИВ раҳбарлари иштирокида "С5 + 1" шаклида учрашув ўтказилади. Оқ уйнинг ишонтириб айтишига қараганда, учрашув Россия ёки Хитойга қарши қаратилмаган.
Спутник нашри кутилаётган музокаралар борасида изоҳ олиш учун Марказий Осиё бўйича эксперт, тарих фанлари доктори Александ Князевга мурожаат қилди.
АҚШ "мулойим" экспансияни давом эттирмоқда
Экперт фикрича, расмий декларацияларда нима деб ёзилишидан қатъий назар, Американинг Ўрта Осиёдаги сиёсати аввал бошдан Хитой ва Россия таъсир доирасига қарши туриш бўлган ва ҳозир ҳам шундай.
Экспертнинг айтишича, АҚШ томонидан амалга оширилаётган "юмшоқ" экспансия айниқса Тожикистон ва Қирғизистонда муваффақиятли кечмоқда. Қозоғистон ва Ўзбекистонда эса бу кутилган натижа бермаяпти.
"Кўплаб йўналишларда АҚШ зафар қучгани сир эмас, — деб таъкидлади Князев. — Бунга таълим соҳасини мисол келтириш мумкин. Шунингдек, бу йўлда воситачилар кўмагидан ҳам унумли фойдаланилмоқда. Дейлик, Марказий Осиёдаги турк таълим муассасалари янги элитани етиштириш вазифасини ўтамоқда, улар келгусида ўз дунёқарашида (биринчи галда сиёсий дунёқарашда), Москва ёки Пекинга эмас, балки Ғарбга тақлид қилишга ҳаракат қиладилар".
Ечими йўқ муаммолар фонида
"Вашингтондаги учрашувда бирор ёрқин ёхуд муҳим бир воқеа рўй беришига шубҳам бор, — дейди Князев. — Негаки, регионда жойлашган давлатларнинг манфаатлари бир-бирига зид. Мисол учун, Самарқандда бўлиб ўтган биринчи учрашувда, яъни бу формат энди ташкил қилинаётган вақтда, энергетик ҳаражатлар ҳақида кўп ва хўб гапирилган. Бу ерда у ёки бу қарорларни қабул қилиш учун зарур бўлган муҳит мавжуд эмас. Бу муаммоларни ҳеч ким ҳал қилмайди".
"Америкаликлар ўз лойиҳаларида орқали регион бирлиги ҳақида "тантанавор" эълон қилишни яхши кўрадилар, улар бунда умумий тарих, дин, маданият, регионларга хос анъанавий қадриятлар ҳақидаги нутқлардан фойдаланишади кўпинча, — дейди эксперт. — Аслида эса буларнинг барчаси ёлғон-яшиқ, уйдирмадан бошқа нарсамас. Нега деганда, Ўрта Осиё иқтисодий ва ҳарбий борада ҳеч қачон бирлашмаган. Уларни фақат Чингизхон, Россия империяси ёхуд Собиқ совет иттифоқи сингари ташқи интеграторлар бирлаштирган, холос".
Япония уларга ўрнак эмас
Экспертнинг фикрича, ягона Марказий-Осиё региони деган тушунча, афсуски, мавжуд эмас.
"Регионда жойлашган давлатлар манфаатлари бир-биридан тубдан фарқ қилади, — дейди Князев. — Ушбу регионни ўзаро жипслаштириб турган давлатлар — бу Ўзбекистон ва Қозоғистон. Чунки уларнинг "савдолашадиган" нарсалари бор.
Мутахассис фикрига кўра, Тожикистон ва Қирғизистоннинг асосий муаммоларидан бири, бу давлатлар жўғрофий "берклик"да жойлашгани ҳам эмас. Муаммо — Собиқ Иттифоқ тузуми барҳам топганидан кейинги шу давргача бўлган вақт ичида мамлакатнинг ички бошқаруви мукаммал кечмаганлигида.
"Табиий ресурсларга эга бўлмай туриб, самарали бошқарув эвазига улкан муваффақиятларга эришган давлатлар ҳақида кўпалб мисолларни келтириш мумкин, — деди Князев. — Бу борада Японияни мисол келтириш анъанага айланган. Аммо, Қирғизистон ва Тожикистонга бу ўсиш унумдорлиги, афсуски, тааллуқли эмас".