ТОШКЕНТ, 30 июл —Sputnik. 2016-йил 3 август куни Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Марказий Осиёнинг 5 нафар ТИВ раҳбарлари иштирокида "С5 + 1" форматида учрашув ўтказилади. АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё давлатлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниел Розенблюм ушбу учрашувга бағишланган телефон-брифинг чоғида ОАВ ходимлари, шу жумладан, Ўзбекистонлик журналистлар саволларига жавоб берди, деб хабар қилмоқда review.uz нашри.
"Хабарингиз бор-ки, "С5 + 1" формати — бу дипломатик музокаралар форматидир, аммо биз, унинг тараққий топишини хоҳлаймиз. У шундай мақомга эга бўлмоғи керакки, токи биз бу формат доирасида мамлакатларимиз олдида турган барча чақириқлар борасида музокара ўтказа олайлик. Ўйлаймизки, келаётган ҳафтада чоршанба куни Вашингтонда ўтказиладиган учрашув ушбу йўналишда қўйилган муҳим одимлардан бири бўлади", — дея таъкидлаган Д. Розенблюм.
Дипломатнинг сўзларига қараганда, Самарқандда бўлиб ўтган учрашув чоғида вазирларнинг барчаси "С5 + 1" формати манфаатдор мамлакатлар олдида турган энг кенг масала ва муаммолар учун форумга айланиши мумкин, дея ишонч билдиришган.
Розенблюмнинг таъкидига қараганда, Самарқандда бўлиб ўтган биринчи учрашувдан сўнг юқорида санаб ўтилган уч йўналиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилган. Бу гуруҳлар томонидан ишлаб чиқилган тегишли лойиҳалар Вашингтонда ўтказиладиган учрашувда муҳокама қилинади.
"Бизнинг режага мувофиқ, келаётган чоршанбада ҳамкорликда тайёрланган бешта лойиҳа тақдим этилади. Агар улар вазирлар томонидан маъқулланса, лойиҳалар ҳақида тўлиқ маълумотлар оммага эълон қилинади", — деб хабар қилган Марказий Осиё давлатлари бўйича АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари.
Бўлиб ўтган брифинг давомида Дэниел Розенблюм, фурсатдан фойдаланиб, Марказий Осиёнинг беш давлатини яқинлашиб келаётган Мустақиллик айёмининг қутлуғ 25 йиллиги санаси билан муборакбод этган.