ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида жойлашган Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон байроғини кўтарилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси расмий сайтида хабар берилган.
Маросимда Олимпия шаҳарчаси мэри, баскетбол бўйича Бразилия терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионидек шарафли унвонга сазовор бўлган Жанет дус Сантуш Аркаин сўзга чиқиб, Ўзбекистон делегациясини ХXXI ёзги Олимпия ўйинларига ташрифи билан муборакбод этган ва барча юртбошларимизга бўлажак мусобақаларда омад ва зафарлар тилаган.
"Давлатимиз байроғини кўтарилишига бағишланган тадбир хаётимдаги энг ёрқин дамлардан бири сифатида мухрланади. Айниқса, музаффар байроғимиз сарбаланд кўтарилганда қалбимни кучли ҳаяжон чулғаб олди. Кўзларимда қувонч ёшлари пайдо бўлди. Менимча, бундай ҳолатни бугунги тадбирда иштирок этган барча юртдошларимиз қалбларидан ўтказдилар", — дейди Таэквондо бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин.
“Бугунги тадбир қалбимизда озод ва обод юртимизга бўлган ҳурмат ва эхтиромни, фахр ва ифтихор туйғуларини янада жўш урдирди. Биз тўрт йилликнинг энг йирик спорт байрамида ҳам Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини намоён этишга астойдил бел боғлаганмиз. Ниятимиз “Рио-2016” ўйинларида ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, жонажон диёримизга ёруғ юз билан қайтиш.”, — дейди юнон-рим кураши бўйича терма жамоамиз аъзоси, жаҳон чемпионати совриндори Елмурад Тасмурадов.