ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Ўзбекистон спорт делегацияси Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашиш учун "Тошкент" аэропортидан Бразилия учиб кетди деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Ўзбек терма жамоаси таркибидан 100дан зиёд спортчилар ўрин олган бўлиб, улар 5 август куни бошланадиган Олимпиада ўйинларида 17 спорт тури бўйича мусобақаларда қатнашадилар.
Спутник Ўзбекистон мухбири бу йилги Олимпиадага катта умид билан қараётган айрим қатнашчилар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.
"Айни вақтда бўлиб ўтадиган жанглар ҳақида гапириш қийин. Албатта, улар осон кечмайди, негаки бу мусобақаларда қатнашиш учун спортчилар йиллар давомида тайёргарлик кўрадилар. Олимпиада медаллари — бу маҳорат чўққиси демакдир. Тўғри, мен ёш спортчиман, дунё рейтингида ҳам атиги 24 поғонада тураман, аммо халқаро мусобақаларда қатнашиш тажрибасига эгаман, ўтган йилги Осиё чемпионатида "кумуш" совринни қўлга киритганман. Мухлисларни хурсанд қилиш учун Бразилияда бор имкониятимни ишга солишга тайёрман", — деган Гулноза.
Енгилатлетикачи Руслан Қурбонов эса терма жамоа спортчилари ўзларини ҳолдан тойдирмаслиги лозимлигини айтиб ўтди.
"Албатта, ўзни бўш қўйишнинг ҳам кераги йўқ, аммо ҳаддан зиёд машғулотлага берилиш ҳам керак эмас, чунки олдинда иқлимга мослашиш каби масала бизни кутмоқда. Ўзимга келадиган бўлсак, Бразилияга бўлган сафарим ҳис-ҳаяжон билан кечмоқда, чунки бу менинг биринчи Олимпиадамдир. У ерда дунёнинг энг кучли спортчилари ташриф буюради, улар билан куч синашиш — шараф. Ҳеч қандай босим йўқ, мен бор имкониятимни ишга солишга ҳаракат қиламан, энг аввало ўзимни енгиб олишим даркор", — деб айтган Руслан.