ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. 27-июл куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ташқи ишлар вазири Адел ал-Жубейр билан музокаралар олиб борди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Адел ал-Жубейр “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиорида ўз ифодасини топган Ўзбекистоннинг ИҲТ ТИВКдаги раислигининг устувор йўналишлари борасидаги қарашлари ва ёндашувларини юқори баҳолаган.
"Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантиришдан ва ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашиниг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган 43-сессиясини муваффақиятли ўтказишдан манфаатдор эканликларини қайд этдилар", — деб хабар қилади Ўзбекистон ТИВ.
Эслатиб ўтамиз, Ислом Ҳамкорлиги ташкилотининг 43 сессияси жорий йилнинг 18-19 октябрида Тошкентда бўлиб ўтади. Ўзбекистон ушбу муҳим тадбирга фаол таёргарлик кўраётгани маълум.