ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Туркияда давлат тўнтарувига уринишни ташкиллаштиришда айбланаётган мухолиф ислом тарғиботчиси Фатхулла Гюлен Туркия президенти Тойиб Эрдўғон мамлакатда авторитар тузумни барпо этишга уринмоқда, дея таъкидлади. РИА Новости хабарига кўра Гюлен ўзининг бу фикрини New York Times газетасидаги мақоласида эълон қилган.
"Туркияда юз берган давлат тўнтаришига уринишни кескин қоралаганман. Ҳукумат куч ишлатиш орқали эмас, балки эркин ва адолатли сайловлар йўли билан ғалаба қозониши лозим", — деб ёзган Гюлен. "Кескин норозиликларимга қарамай, тобора авторитар ҳокимият тарафдори бўлиб бораётган Туркия президенти Тойиб Эрдўғон мени давлат тўнтаришини бошқаришда айблади", — деб қўшимча қилган Гюлен.
"Туркия президенти "Ислом давлати" террорчилик уюшмасига қарши тузилган коалицияда таъсирини сусайтиришини айтиб, АҚШни шантаж қилмоқда", — дея қайд этган Гюлен.
Шундай сўзларни айтиб, Гюлен яна бир марта АҚШ ҳукуматига мурожаат қилиб ўзини Туркияга топширмасликларини сўраган. Мухолифат имомнинг фикрича, уни Туркияда ерда адолатсиз суд кутмоқда. Гюлен шу билан бирга Эрдўғонни шантажда айблаган. "Далиллар, қолаверса, адолатли судлов имконияти йўқлигига қарамай, у менинг экстрадация қилинишимга эришмоқчи", — деб таъкидлаган имом.