ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон мамлакатда фавқулодда вазият тартиби киритилганини эълон қилди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
"Давлат тўнтаришини амалга оширишда иштирок этганларга қарши самарали ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда қисқа муддатда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадидага конститутцияга биноан мамлакатда 3 ойлик муддатга фавқулодда вазият киритилади", — деб баёнот қилди Эрдўғон мамлакат ҳукумати ва Хавфсизлик кенгаши мажлиси якунида.
Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг фикрича, Туркияда давлат тўнтаришини амалга оширишда гумон қилинаётган ислом тарғиботчиси Фатхулла Гюлен ва унинг тарафдорлари "яқин кунлар ва ҳафталарда" реванш олишга ҳаракат қилишлари мумкин.
Эрдўғоннинг сўзларига қараганда, исён ҳақида у биринчи ўз куёвидан эшитган ва бу хабарни олдинига жиддий қабул қилмаган.
Эслатиб ўтамиз, олдин берилган хабарларга кўра, Туркия Миллий разведка ташкилоти тайёрланаётган тўнтариш ҳақида ўтган ҳафта жума куни 16.00 да билиб қолган. ОАВларда айтилишича, шундан сўнг исёнчилар ўзларининг фитначилик планларини ўзгартиришга мажбур бўлган: янги режага кўра ҳарбийлар чиқиши шанба куни тонг саҳар 03.00да бўлиб ўтиши лозим эди.
Натижада, давлат тўнтаришига уриниш белгиланган муддатдан олдин — жума куни кечқурун бошланган. Исён ўчоқлари асосан Анқара ва Истамбулда авж олади, аммо қисқа фурсатда бостирилади.
Туркия куч органлари "Давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишда"га алоқадор деб гумон қилинган 113 нафар судья ва прокурорларни ҳибсга олди. Айни вақтда Туркия армияси, полицияси, давлат муассасалари ва ОАВларида оммавий тозалаш ишлари кетмоқда. Хабарларга кўра, 9 мингдан зиёд киши судга жалб қилинади.
Шу билан бир қаторда Анқара расмийлари одамлар олдиндан тайёрланган рўйхат бўйича ҳибсга олинаётгани ҳақидаги маълумотларни инкор қилмоқда. Айни вақтда Туркия ҳукумати мамлакатга ўлим жазосини қайтариш ҳақида оғиз очган.