ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 15-июл куни Оқсаройда Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (AIBA) президенти Чинг-Куо Вуни қабул қилди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Ислом Каримов меҳмонни самимий қутлар экан, AIBA ва унинг раҳбари Чинг-Куо Ву ўзининг муносиб хизмати билан дунёда кенг тарқалган боксни ва, умуман, Олимпия ҳаракатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлаган.
Ўз навбатида Чинг-Куо Ву мамлакатимизнинг жаҳон спорт майдонида обрўси ортиб бораётганини юксак баҳолаган ва Ўзбекистон Республикаси Президентига спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантириш ҳамда оммаллаштириш йўлидаги улкан хизматлари учун, шунингдек, боксни халқаро ва миллий даражада ривожлантириш борасидаги фидокорона меҳнати эътирофи сифатида AIBAнинг юксак мукофоти – “Хизматлари учун” орденини топширган.
Хабарда айтилишича, Оқсаройдаги учрашувда Ўзбекистонда ҳаваскорлик боксини ривожлантириш, мамлакатимизнинг AIBA билан самарали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилган.