ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Франс Пресс нашри хабарига кўра, Ниццадаги 84 киши ҳаётига зомин бўлган теракт учун юк машинаси бир неча кун олдин ижарага олинган. РИА Новости хабари асосида.
"Юк машинаси бир неча кун аввал Прованс-Альпи-Лазур қирғоғи минтақасида ижарага олинган" — деб хабар қилган манба агентликка.
ОАВларда берилган маълумотга кўра, ҳалок бўлганлар орасида чегара полицияси ходими ҳам бўлган.
Ҳодиса жойида бўлган одамларнинг сўзларига кўра, ҳайдовчи юк машинасини икки километрча зигзак тарзида бошқариб борган ва одамларни янчган. У шунингдек, халққа қарата ўт очган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса туфайли 84 киши ҳалок бўлган, 120 киши жароҳатланган. Юк машинаси ҳайдовчиси шу жойнинг ўзида йўқ қилинган.
Франция президенти Франсуа Олланд ҳужумни теракт деб атаган ва мамлакатдаги 26 июлда тугаши лозим бўлган фавқулодда ҳолат яна уч ойга узайтирилишини маълум қилган.