Франция яна мотамда: Ниццадаги мудҳиш теракт туфайли 84 киши ҳалок бўлди

© REUTERS / Jean-Pierre AmetНиццадаги теракт
Ниццадаги теракт - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Франциянинг миллий байрами - Бастилияни олиш куни фожиа ва даҳшатга айланди: сайёҳларнинг энг севимли жойи бўлмиш Ниццага террорчилар томонидан ҳужум уюштирилди.

ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Франциянинг Ницца шаҳрида теракт амалга оширилди. Юк машинаси ҳайдовчиси оломон устига бостириб борган, 84 киши ҳалок бўлган, 100дан зиёд одамлар жароҳатланган, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

Хабар қилинишича, Бастилияни олиш миллий байрами куни халқ салют томоша қилиш истагида сув бўйида тўпланган. Маҳаллий вақт билан 22.30да катта юк машинаси оломон устига бостириб борган, гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўқ овозлари ҳам эшитилган.

Ҳодиса жойида бўлган одамларнинг сўзларига кўра, ҳайдовчи юк машинасини икки километрча зигзак тарзида бошқариб борган ва одамларни янчган. У шунингдек, халққа қарата ўт очган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса туфайли 84 киши ҳалок бўлган, 120 киши жароҳатланган. Юк машинаси ҳайдовчиси шу жойнинг ўзида йўқ қилинган.

Франция президенти Франсуа Олланд ҳужумни теракт деб атаган ва мамлакатдаги 26 июлда тугаши лозим бўлган фавқулодда ҳолат яна уч ойга узайтирилишини маълум қилган.

Ажал машинаси

Nice Matin нашри хабарига кўра, юк машинаси рулида 31 яшар Тунис фуқароси бўлган. ОАВларда маълум қилинишича, жиноятчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига майда жиноятлар орқали таниш бўлган, аммо шу пайтгача унинг террорчиларга алоқадорлиги қайд этилмаган.

Жабрланган чет элликлар

Ниццада Бастилияни олиш куни байрамида содир этилган терактдан жабр кўрганлар орасида чет элликлар, жумладан, швейцарияликлар, британияликлар ва испанлар бўлган. Авлиё Жорж клиникаси ходимлари Спутник нашрига берган хабарига кўра, шифохонага турли травматик жароҳатлар олган 15 нафар фуқаро келтирилган. Уларнинг аксарияти чет элликлардир. 

Бутун дунё ҳамдардлик билдириб, ёрдам таклиф қилмоқда

АҚШ президенти Барак Обама терактни кескин қоралаб, суриштирув ишларида ёрдам таклиф қилган. Ҳозирда Монголияда сафарда бўлган Россия Бош вазири Дмитрий Медведев ҳам Ниццада амалга оширилган терактни қаттиқ қоралаб, ҳалок бўлганларнинг қариндошларига чуқур ҳамдардлик билдирган.

Француз мусулмонлари йиғини ҳам Ниццадаги терактларни қоралаб мамлакатдаги барча мусулмонларни жума намозини "ушбу варварларча ҳужум қурбонлари хотирасига" амалга оширишга даъват қилган.

Интерпол ҳам Франция ҳукуматига Ниццадаги ҳодисалар юзасидан ўз кўмагини таклиф қилган.

Янгиликлар лентаси
0