ТОШКЕНТ, 14 июл — Sputnik. Тошкент шаҳрининг барча туманларида ёшлар учун мўлжалланган "Камолот" китоб дўконларини очиш режалаштирилмоқда, деб хабар қилмоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот-хизмати.
Хабарда таъкидланишича, ушбу масала 12 июль куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ўн бешинчи сессиясида муҳокама қилинган.
"Китоб дўконлари тармоғи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказилишини таъминлаш мақсадида ташкил қилинмоқда", — дейилади хабар матнида.
Туман ҳокимликларига ва мутасадди ташкилот раҳбарларига бир ой муддатда китоб дўконлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича тегишли таклиф киритиш тавсия этилган.