ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Россия Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар етказиб берилишига алоҳида эътибор қаратмоқда, деб таъкидлаган Спутник мухбирига Тошкентда бўлиб ўтаётган Халқаро мева ва сабзавот кўргазмасида Россия Қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари Сергей Левин.
Вазир ўринбосарининг таъкидига кўра, Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга Ўзбекистон билан алоқаларни фаоллаштириш борасида алоҳида топшириқ берган.
"Россия Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр. Биз мева ва сабзавотлар Ўзбекистондан етказиб берилиши тарафдоримиз ва бундан манфаатдормиз. Халқаро мева ва сабзавот ярмаркаси Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги аграр ҳамкорликни янада ривожлантиришда янги имкониятларни очади. Бундан ташқари ярмарка қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларининг бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблари билан мулоқот қилишига имкон яратади. Таъкидлаб ўтаман, Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалик соҳасида ҳамкорлик қилиш Россия учун устувор ва узоқ муддатли стратегик вазифалардан бири ҳисобланади", — деди Сергей Левин.
У шунингдек, мазкур ярмарка Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий муносабатларга янгича тус беришига шубҳа қилмаслигини таъкидлади.