Тошкент автобуслари нега ёнмоқда?

Олой бозори ёнидаги бекат
Олой бозори ёнидаги бекат - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Кейинги вақтларда Тошкент жамоат транспортлари кишини ваҳимага соладиган даражада шиддат ила йўлларда машаълга айланмоқда. Спутник Ўзбекистон мухбирлари нега бундай бўлаётгани сабабини аниқлашга ҳаракат қилдилар.

ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Тошкентликлар учун ёз — бу нафақат таътил мавсуми, балки пойтахт автотранспортларига ҳадик билан қараш вақти келгани белгиси ҳамдир. Тўғри-да, минган автобусингиз фавқулодда ёниб кетса…

Жанубий вокзал олдида ёниб кетган автобус - Sputnik Ўзбекистон
Тошкентда яна йўловчи автобуслар ёниб кетди
Бу ҳадиклар асоссиз эмас — сўнгги уч ҳафта мобайнида Mercedes-Benz Conecto LF маркасига мансуб учта автобус йўлда, кетиб бораётган вақтида аланга олди. Спутник мухбирлари немисларнинг мақталган техникаси нима сабабдан тез-тез машъалага айланаётгани сабабини аниқлашга ҳаракат қилдилар.

Тошкентдаги автобус паркларининг бир вакили Спутник мухбирига берган маълумотга кўра, автобусларнинг кетма-кет ёнишининг бир нечта сабаблари мавжуд. Яъни ёнғин тўпланиб қолган муаммолар йиғиндиси сабабли юзага келмоқда.

"Бугунги кунда "Тошшаҳартрансхизмат" автобус паркида 600га яқин Mercedes-Benz Conecto LF ҳамда 40дан ортиқ Mercedes-Benz Conecto O345 автобуслари мавжуд. Айнан мана шу икки моделдаги автобуслар йўловчилар учун ҳам, пойтахт жамоат транспорти раҳбарияти учун ҳам катта бош оғриққа айланмоқда.

2000-йиллар бошида Ўзбекистон шароитида эксплуатацияга яроқсиз қимматбаҳо немис автобусларини харид қилиш қарори ким томонидан қабул қилингани эса жумбоқлигича қолмоқда. Фақат мана шу қарор келажакда барча муаммоларни белгилаб бергани, равшан ва бунга ҳеч ким шубҳа қилмайди.

Ким билсин, балки шартномани имзолаган ҳар иккала томон ҳам бу иш туфайли мўмайгина даромад олишга муваффақ бўлгандир?..

Тўғри, Немис техникаси сифати довруғи аллақачон дунёга достон бўлган. Фақат афсуски, Ўзбекистонда ўзига хос факторлар ишга тушди. Йўловчилар оқими ортиб бориши ва автобуслар сони етишмаслиги туфайли, сўнгги йилларда немис техникаси аёвсиз эксплуатация қилинди.

Автобусларга техник хизмат кўрсатадиган малакали мутахассислар етишмаслиги ҳамда оригинал эҳтиёт қисмлар йўқлиги туфайли эса вазият янада мураккаблашди.

Натижада, автопарклар бу муаммога осон ечим топди — улар ҳақиқийсидан анча арзон турувчи Хитойда ишлаб чиқарилган эҳтиёт қисмларни харид қила бошладилар, бу эса шубҳасизки, сифатга таъсир кўрсатмай қолмади.

Оқибатда, пойтахт йўлларида ўн йилдан ортиқ хизмат қилиб қўйган автобуслар ёнишни бошлади.

Машъалга айланган илк  автобуслар Mercedes-Benz Conecto O345 бўлди. Деярли барча ҳолатларда ёнғин электр проводларнинг қисқа туташуви натижасида юзага келган. 2014 йилнинг ўзидаёқ 8та ана шундай ҳолат қайд этилган.

Механизмлар ёмон ишлашига салбий таъсир этувчи омиллар сифатида эса ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариб туриши ва ҳаводаги чангнинг юқорилиги сабаб қилиб кўрсатилди. Немис компанияси томонидан тақдим этилган маълумотларда Ўзбекистон — автобуслар эксплуатацияси энг оғир кечган регион сифатида қайд этилди. Техникани харид қилиш қарори қабул қилинаётган вақтда бу факторлар ҳақида ҳеч ким бош қотирмагани кишини ажаблантирмай қўймайди.

Нима бўлган тақдирда ҳам Тошкент жамоат транспортлари қачон ёнишдан тўхтайди деган савол барчани бирдек қизиқтиради. Ҳозирча бу савол очиқлигича қолмоқда.

"Тошшаҳартрансхизмат" раҳбарияти жамоат транспорти танловига келажакда ақл билан ёндошади, деб умид қилишдан бошқа чорамиз йўқ…

Янгиликлар лентаси
0