ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. "Узкоммунхизмат" агентлигида бўлиб ўтган матбуот-анжуманида e-kommunal.uz — коммунал хизматлар портали ишга туширилаётгани ҳақида маълум қилинди, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.
"Узкоммунхизмат" агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида йўлга қўйилаётган портал орқали истеъмолчилар бир вақтнинг ўзида онлайн равишда маслаҳат олиш, турли коммунал тўловларни амалга оширишлари мумкин бўлиши айтилди", дейилган хабар матнида.
Шу йилнинг сентябр ойидан ишга туширилиши режалаштирилаётган янги порталда асосан аҳоли билан қайта алоқани йўлга қўйиш, уларга хусусий уй-жой мулкдорлари хуқуқларига оид маълумотларни етказиш кўзда тутилган.
Хабарда айтилишича, порталда истеъмолчилар учун коммунал соҳадаги қонунчилик ҳужжатлари билан танишиш, қолаверса, маслаҳат хизматлари каби бир қанча имкониятлар яратилган.
Шуни қайд этиш керакки, аввалги мавжуд порталда уй-жой коммунал хўжаликлар базаси йўқ эди. Янги порталга эса 10 мингга яқин коммунал хўжаликлар тўғрисидаги маълумотлар киритилди. У 2 босқичдан амалга тадбиқ этилиб, 1- босқич сентябр ойида пойтахтимизда ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Порталнинг иккинчи босқичи эса келаси йилда бутун республикамиз бўйлаб йўлга қўйилади.