ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Шу йилнинг март ойида Андижон шаҳрида одам ўғирлаш жинояти содир этилган бўлиб, уни фош этиш ва жиноят оқибатида юзага келадиган нохуш ҳолатларнинг олдини олишда шаҳар прокуратураси жамоасининг синчковлиги, ҳолатни тўғри баҳолай олиш ҳамда зукколиги бу жиноят изини топиш ва уни қисқа муддатда фош этилиб, айбдорга жазонинг муқаррарлигини таъминлашга замин яратди, деб хабар қилади andijonsadosi.uz нашри.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида В.Ашурова 15 март куни Наманган вилояти Поп тумани ИИБга қарашли “Қамчиқ довони” назорат масканидан енгил машинада йўловчи сифатида Тошкент шаҳрига кетаётган вақтида ушланди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида В.Ашурова вояга етмаган С.Раимовани Тошкент шаҳрига даволаш учун олиб кетаётганлигини баҳона қилиб, 13 март куни унинг барча оила аъзоларидан яширин равишда олиб чиқиб кетганлиги, Андижон шаҳрида бироз айланиб, Асака тумани орқали Марҳамат туманига, у ердан Фарғона вилояти Қува туманига, кейинчалик эса Фарғона шаҳрига борганлигини билдирди. У Фарғона шаҳрида тунаб қолиб, эрталаб Қўқон шаҳрига бориб ишлаш учун иш қидирганлиги, бироқ иш тополмаганидан ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрига йўлга чиққанлиги, барчага С.Раимовани ўзининг қизи сифатида таништирганлиги ва Тошкент шаҳрига кетаётган вақтида қўлга олинганлиги аниқланди.
Тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилди. Жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, гувоҳларнинг кўрсатмалари, иш бўйича тўпланган ҳужжатлар ва далилларга асосан В.Ашурованинг айби тўлиқ ўз тасдиғини топганлиги сабабли у суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-кисми “а” банди билан айбли деб топилиб, кодекснинг 57-моддасига кўра 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазо умумий тартибли колонияларда ўталиши белгиланди.