ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Хитой Ўзбекистонга 2,7 млрд долларлик кредит тақдим қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитой раисининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида сўзлаган нутқида маълум қилган.
"Бугун Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин жанобларининг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ўзаро ҳамкорлигимиз истиқболлари ва устувор йўналишларини белгилаб берадиган кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Уларнинг орасида Хитой томонидан Ўзбекистонга кредит сифатида 2,7 миллиард доллар ажратилиши ва умумий қиймати 6,2 миллиард долларлик обектлар қурилишини назарда тутадиган ҳужжатлар борлигини алоҳида таъкидламоқчиман", — деб таъкидлаган ўз нутқида Ислом Каримов.
Ўзбекистон президенти ўз нутқида, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой музокаралар натижаларига кўра кўплаб ҳужжатлар имзолангани, бу ҳужжатлар ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари ва устувор йўналишларини белгилашини таъкидлаб ўтган.
Сўзимнинг якунида бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: Хитой халқининг фаровонлиги — бу Ўзбекистон халқининг фаровонлиги. Ўзбекистон халқининг фаровонлиги — бу Хитой халқининг фаровонлигидир", — дея ўз нутқига якун ясаган президент.