ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. 2016-йилнинг 22-июн куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Маданият вазирларининг ўн учинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Б.Ахмедов раислик қилди.
ШҲТга аъзо давлатларнинг маданият вазирликлари раҳбарлари томонидан ўтган давр мобайнида маданият ва санъат соҳаларидаги ҳамкорликнинг ривожланиши дўстона муҳитда ва тўлиқ ҳамжиҳатлик шароитида атрофлича муҳокама қилинди ҳамда ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари томонидан 2007-йил 16-августда Бишкекда имзоланган Маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим ва ташкилотга аъзо давлатлар маданият вазирларининг аввалги йиғилишларида эришилган келишувлар ижроси юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат чоғида ШҲТ доирасида маданий алоқаларни янада ривожлантириш, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, турли халқлар ва динларнинг бирдамликда камол топиши, ШҲТга аъзо давлатлар халқларининг кўп асрлик анъаналари ва урф-одатлари тўғрисидаги билимларни кенг ёйишга барча томонлар биргаликда ҳаракат қилишлари қайд этилди.
Учрашув давомида келгусида ШҲТ ҳудудида, жумладан Буюк ипак йўли йўналишидаги мавжуд маданий меросни сақлаш ва ўрганиш бўйича икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
ШҲТ ҳудудидаги маданий меросни сақлаш ва ўрганиш, маданий бойликларни талон-тарож қилиш ҳамда уларни ноқонуний тарзда олиб кириш ва олиб чиқишни олдини олиш, архитектура йодгорликларини реэстри ва маълумотлар базасини яратиш, маданий йодгорликларни муҳофаза қилиш ҳамда ноёб санъат асарларини таъмирлаш ва томонларни қизиқтирган бошқа йўналишлар бўйича мутахассисларни тайёрлашда ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалалари келишилди.
Шунингдек, ШҲТ ҳудудида, жумладан Хитой Халқ Республикасида “Ипак йўли” санъат фестивали, Қирғизистон Республикасида “Арт-Ордо” театр фестивали, Россия Фдератсиясида “Бердемлик – Содужество” санъат фестивали ва Тожикистон Республикасида “Чодариҳаёл” халқаро қўғирчоқ театрлари фестивали каби муваффақиятли ўтказилган тадбирлар халқлар аро маданий ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради ҳамда дўтлик ва қўшничиликни мустаҳкамлашга кўмаклашади. Мазкур шаклдаги тадбилар ШҲТнинг барча давлатлари ижод намоёндаларини ягона майдонда бирлаштириш ва ушбу давлатлар миллий колоритларини ифода этадиган ютуқларини намойиш қилиш учун ажойиб имконият ҳисобланади.
ШҲТга аъзо мамлакатлар маданият вазирларининг навбатдаги йиғилишини 2017-йил 22-июн куни Остона шаҳрида (Қозоғистон Республикаси) ўтказилиши тўғрисидаги Қозоғистон томонинг таклифи кўриб чиқиш учун қабул қилинди.