ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Тошкент вилояти Чиноз туманидан бўлган, молиявий пирамида асосчиси Аҳмадбой Турсунбоевнинг уйи олдида пирамидага пул тиккан юзга яқин одамлар тўпланишди. Оломон Аҳмадбойдан унга берилган пулларни қайтаришни талаб қилмоқда, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистонга воқеа гувоҳларидан бири.
Эслатиб ўтамиз, Турсунбоев — Тошкент шаҳри Чиноз туманида жойлашган “Чиноз халол чорва" ҳамда "Чиноз авто Ҳамкор" корхоналари таъсисчиси. Аҳмад Турсунбоев ва унинг ходимлари аҳолидан йилига камида 100 фоизлик дивиденд ваъдаси билан миллий ва чет эл валюталарини олиш билан шуғулланиб келган. Ва шу билан бирга уларга пуллари қайтарилиши ҳақида ҳеч қандай кафолат бермаган. Бундан ташқари, томонлар келишувига мувофиқ, бирор кор-хол рўй берган тақдирда, пул берган инсоннинг яқинлари пуллар қайтарилишини талаб қилишга ҳақли бўлмаган. Турсунбоев, йилига 40% устама ҳақи эвазига чет эл валютасини қарз бериш билан ҳам шуғулланган.
Аҳолидан олинган маблағларнинг бир қисмига чет элдан турли товарлар ва қимматбаҳо буюмлар олиб келиниб, тадбиркорларга устама фоиз эвазига тарқатилган. Турсунбоев бу пуллардан ўзи учун қимматбаҳо автомобиллар харид қилган, шоҳона бошпана қурган.
Турсунбоев ва унинг яқинлари уйларида, шунингдек, "бой"га қарашли фирмаларда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида, ашёвий далил сифатида 13,139 миллиард сўм ҳамда 7,9 миллион АҚШ доллари олиб қўйилган.
Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.