ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. АҚШ президенти Барак Обама “катта еттилик” саммитида иштирок этиш учун чоршанба куни Японияга ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
“Катта еттилик” саммити 26-27 май кунлари Япониянинг Исэ-Сима шаҳрида ўтказилади.
Маълумотларга кўра, Обама ташрифи давомида Хиросима шаҳрини зиёрат қилади. “Бу тарихий воқеа бўлиши кутилмоқда. Обама — 1945 йилдаги атом бомбардимонидан сўнг Хиросимага ташриф буюрган биринчи Америка президентига айланиши мумкин”, деб ёзади нашр.
Обама сал кам 200 минг кишининг ёстиғини қуритган Хиросима ва Нагасаки фожиалари учун кечирим сўрамайдиган бўлди, дея бонг урмоқда Япония нашрлари. Аммо, шу билан бирга Япония ҳукумати учун атом бомбаси қурбонига айланган шаҳарларнинг бирига Америка президентининг ташриф буюриши катта воқеликлиги таъкидланмоқда.
"G7" саммитига шунингдек, Германия, Италия, Канада ва Франция раҳбарлари етиб келишмоқда.
Ёпиқ тарзда ўтказиладиган музокараларда саммит иштирокчилари террорчилик ва кибержиноятчилик, глобал иқтисодиёт масалалари, Хитой таъсир доирасининг тобора ортиб бораётгани, Украина, Яқин шарқ атрофидаги воқеалар ҳамда Шимолий Корея атрфидаги ядровий масалаларни муҳокама қилишлари кутилмоқда.