ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik, Александр Шишло. Туркия авторитар давлатга айниб бормоқда, деб ҳисоблайди Еропарламент раиси Мартин Шульц. РИА Новости хабари асосида.
"Кўриб турибмизки, Туркия Эрдўғон даврида бир киши бошқарувидаги мамлакатга айланиб бормоқда", — деб айтган Шульц. Сиёсатчининг сўзларидан Politico нашри иқтибос келтирган.
Европарламент раҳбарининг сўзларига қараганда, Европа Иттифоқи Туркия президентига "ҳукуматнинг бир киши қўлида монополизация қилинишини ҳазм қилмаслиги" ҳақида уқтириб қўймоғи керак.
Шульц, шунингдек, ЕИ томонидан қўйилган 72та шарт бажарилмас экан, Туркия фуқаролари учун виза бекор қилинмаслигини таъкидлаб ўтган.
Европарламент раҳбари Туркия етакчисини биринчи бор танқид қилаётгани йўқ. Жумладан, апрел ойида у Эрдўғонни демократияга нисбатан билдирилган ҳурматсизликда айблаган эди. Ўшанда можаро Туркия президентини танқид қилиб шеър ёзган немис ҳажвчисининг Анқара томонидан таъқиб остига олиниши туфайли келиб чиққан.