ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Сурғил(Қорақалпоғистон)да Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши якунланиши ва унинг ишга туширилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.
"Лойиҳа ўзида ҳамкорликнинг янги моделини тақдим этиб, хом ашё ресурсларини экспорт қилишдан биргаликда ишлаб чиқариш ва ташқи бозорга юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни етказиб беришни кўзда тутади", — деди Жанубий Корея бош вазири.
Умумий қиймати 4 миллиард долларлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз дистилляти ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.
Устюрт газ-кимё мажмуасида маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни синов тариқасида ўтган йили бошланган эди. 2015 йилда 54,9 минг тоннадан зиёд суюлтирилган углеводород гази, 34 минг тоннадан ортиқ газ конденсати ишлаб чиқарилди.
Магистрал газ қувурларига 1,8 миллиард куб метрдан ортиқ этан ва газ, "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти энергия тизимига 87,5 минг мегаваттдан зиёд электр энергияси етказиб берилди. Айни пайтда пиролиз дистилляти Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига бензин тайёрлаш учун юборилмоқда.
Полиэтилен ва полипропилен қатор хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Шу кунга қадар қарийб 150 миллион долларлик 186 минг тоннадан ортиқ полиэтилен ва полипропилен Марказий ва Шарқий Осиё, МДҲ ва Европа мамлакатларига жўнатилди.
Маълумотларга кўра, 2020 йилга бориб полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажми 4,1 баробар ошади.