ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. "Ўзбекнефтгаз" маълумотига кўра, Сургил ҳудудида жойлашган Устюрт газ-кимё мажмуасида янги турдаги маҳсулот — полипропилен ишлаб чиқарилиши бошланган.
2016 йилда илк 66 минг тонна полипропилен ишлаб чиқарилади, 2019 йилга келиб, полипропилен ишлаб чиқарилиш ҳажми — 83 минг тоннани ташкил қилиши кутилмоқда, деб хабар қилмоқда Review.uz.
Жанубий Корея компаниялари консорциуми иштирокида қурилган, Сургил ҳудудида жойлашган Устюрт газ-кимё мажмуасида 3,8 миллиард куб тижорат гази, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен ишлаб чиқарилади.
Халқаро ахборот агентликлари берган маълумотларга кўра, полипропилен — дунё бўйича энг кенг тарқалган полимер сифатида иккинчи ўринда туради — унга бўлган талаб ҳар йили 4-6%га ошиб бормоқда. 2015 йилда дунё бўйича 60 миллион тоннадан ортиқ полипропилен ишлаб чиқарилган.
Бу турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш шиддат ила Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари томонга силжимоқда. Ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар асосан Хитой эҳтиёжини қондиришга қаратилган. Ҳозирда бу мамлакат полипропилен ишлаб чиқаришни секин-аста кенгайтирмоқда.
Полипропилен иқтисодиётнинг барча илғор жабҳалари — электроника, электротехника, машина қурилиши, ускуна қурилиши, транспорт, қурилиш соҳаларига кириб борган.