ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. 14 май куни Хован қабристонида рўй берган оммавий муштлашув ва отишма давомида ҳалок бўлган уч нафар Тожикистон фуқароларининг жасадлари чоршанба куни эрта тонгда Душанбе шаҳрига етказилди, деб хабар қилмоқда Sputnik Тожикистон.
""Таджик Эйр" компанияси самолётларида Тожикистон пойтахтига Роғун шаҳрининг уч фуқароси — 26 яшар Сухроб Хушаков, 39 яшар Иноят Ризоев ва 42 яшар Сайнуриддин Собировларнинг тобутларини етказилди", — дейилади Тожикистон ИИВ хабарида.
Жасад ортилган тобутларни ҳалок бўлганларнинг қариндошлари, Меҳнат ва миграция вазири Сумангул Тағозода кутиб олди. Ҳалок бўлган фуқаролар оилаларига республика президенти Эмомали Раҳмон номидан чуқур ҳамдардлик билдирилди.
Оммавий муштлашув қатнашчиларининг 12 нафари ҳеч қандай ҳужжатга эга эмаслиги, 30 дан зиёди эса Россияда ноқонуний равишда яшаб юрганлиги аниқланди. Хован қабристони раҳбари эгаллаб турган лавозимидан четлатилди. Россия Тергов қўмитаси томонидан қотиллик юзасидан жиноий иш қўзғатилди.