ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Россиянинг энг йирик гипермаркетлари Ўзбекистон билан мева-сабзавотларни тўғридан-тўғри етказиб бериш борасида музокара ўтказмоқда, деб хабар қилди Sputnik мухбирига "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компаниясидаги манба.
"Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Россияга ташрифидан сўнг россиялик тадбиркорлар ва йирик компаниялардан кўплаб талаблар келиб тушди. Улар бизга тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда мева ва сабзавотларни тўғридан-тўғри етказиб бериш илтимоси билан мурожаат қилишмоқда", — деб таъкидлади манба.
Яқиндагина авиарейслар орқали "Эссен" савдо марказига 5 тонна гилос етказиб берилганини ушбу ҳамкорликнинг муваффақиятли бошланиши сифатида эътироф этиш мумкин. Яқин орада шу йўналиш бўйича яна 10 тонна гилос юборилиши режалаштирилган.
Суҳбатдошнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда Россия гипермаркетлари вакиллари билан музокаралар олиб борилмоқда. Гап 1 йиллик эмас, балки, 5-15 йиллик шартномалар имзолаш тўғрисида бормоқда.
Ўзбекистон томон Россия учун афзалликлар яратиш мақсадида, шартнома доирасида ўз маҳсулотларига мавсум давомида талабга қараб ўзгармайдиган, ягона нарх ўрнатишни таклиф қилмоқда.
Ўзбекистон савдо-логистика марказларида ташкил қилинаётган, мева ва сабзавотларни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган савдо-логистика марказлари янги транспорт схемаси асоси бўлиб хизмат қилиши айтилмоқда. Ўзбекистоннинг 11 та вилоятида ана шундай объектларни яратиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Хабарларга кўра, мева-сабзавотлар даладан тўғри савдо-логистика марказларига олиб келинади ва кейинчалик экспорт ёки тайёр маҳсулот кўринишида қайта ишланиши учун махсус камераларга жойланади. Шундан сўнг, маҳсулотлар Россиядаги ихтисослаштирилган Ўзбекистон-Россия савдо уйларига юборилади. Бу уйлардан маҳсулотлар истеъмолчи хонадони бўсағасигача етказиб берилиши кутилмоқда.
"Россиядаги савдо уйларида чакана ва улгуржи савдо йўлга қўйилади", дейди манба.
Бугунги кунда Россияда шунга ўхшаш 10га яқин объектлар фаолият олиб бормоқда, улар Москва, Санкт-Петербург, Барнаул, Новосибирск ва бошқа шаҳарларда жойлашган.
Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларни Россия бозорларида келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган Туркиядек рақобатчи ҳам чўчитолмаяпти.
"Келажакда биз рақобат қилиши мумкин бўлган туркиялик ишлаб-чиқарувчилар бошқача тартибда иш кўришади. Улар ҳар бири ўзича ҳаракат қилади, рақибларни бозордан сиқиб чиқариш мақсадида кўпинча сунъий равишда нархни пасайтиришади. Биз эса Россия бозорига ягона фронт билан чиқамиз, маҳсулотларни йирик партияда, мунтазам равишда ва марказлашган ҳолда етказиб берамиз, шу боис улар бизга жавоб қайтара олишлари жуда қийин. Бундан ташқари, Ўзбекистон бир жойда туриб қолгани йўқ, у тара ва упаковка сифати, маҳсулот сертификацияси устида ишламоқда", — деб таъкидлади манба.